Кадрлар тайёрлаш

1. Махсус вазифаларни бажариш қўшинларининг тактик қўмондонлиги.

2.Миллий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш

3. Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш

4. Аниқловчи ва қўриқловчи электрон тизимларни ташкил этиш ва фойдаланиш бўйича қўмондонлик-муҳандислиги

5. Ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва бошқаришнинг қўмондонлик-муҳандислиги

 

 


 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи, рег. № МЮ 3223, Қабул қилинган сана 28.02.2020, Кучга кириш санаси 28.02.2020

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига номзодларни ўқишга қабул қилиш бўйича қисқача

МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сон «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Институт курсантлари контингентини сифатли бутлаш учун:

ҳарбий-профессионал йўналиш;

дастлабки танлаш;

ҳарбий-профессионал танлаш;

тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш амалга оширилади.

Институтга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.

Фуқаро ёшлар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга ариза билан, ҳарбий хизматчилар таркибидаги номзодлар ўз хизмат ўташ жойига билдирги билан мурожаат қилади.

Номзодлардан аризалар (билдиргилар) қабул йилининг 1 февралидан
1 апрелига
қадар қабул қилинади.

Фуқаро ёшлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бўлимларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза (билдирги);

паспорт (ҳарбий гувоҳнома) нусхаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;

чақирилувчининг чақирув участкасида қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси;

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета;

ўқиш, иш ёки хизматни ўташ жойидан (агар ўқиётган, ишлаётган ёки хизматни ўтаётган бўлса) тавсифнома ҳамда маълумотнома;

ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишлаётган бўлса);

ота-онасининг Институтга ўқишга киришига розилик хати;

маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, академик лицейлар ва ўрта махсус профессионал таълим) ҳужжатлар (асли ва нусхаси) ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

Институтга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (асли ва нусхаси);

яқин қариндошлар орасида вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномасининг нусхаси;

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5 х 6 см ўлчамдаги 4 та фотосурат (бош кийимсиз);

давлат сирларидан фойдаланишга ижозат беришнинг тегишли шакли учун зарур бўлган ҳужжатлар;

номзоднинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органидан жиноий жавобгарликка тортилмаганлиги ва судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (ҳарбий хизматчилар мазкур маълумотномани тақдим қилиши талаб этилмайди).

Номзоддан айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш учун қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.

Номзодлар томонидан ҳужжатларни тақдим этишда паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, чақирилувчининг чақирув участкасида қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд чақирилувчининг ҳарбий гувоҳномаси шахсан кўрсатилади.

Ҳарбий хизматчилар таркибидаги номзодлар томонидан ўз хизмат ўташ жойига юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар билан бирга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Институтга ўқишга киришга тавсияловчи ҳужжатлар (муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга – ҳарбий бўлинманинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга эса – ҳарбий қисмнинг аттестация комиссияси йиғилиш баённомасидан кўчирма);

давлат сирларидан фойдаланиш учун тегишли шакл бўйича ижозатнома (рухсатнома) мавжудлиги тўғрисида маълумотнома (фақат тегишли шакл бўйича ижозатнома (рухсатнома)си мавжуд бўлганлар учун);

ҳарбий қисмлар (муассасалар) ва бўлинмаларнинг командирлари (бошлиқлари) томонидан берилган илтимоснома.

 

Дастлабки танлаш тадбирларини

ташкил этиш ва ўтказиш

Дастлабки танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади
ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

якка тартибда суҳбатлашиш;

индивидуал-психологик ўрганиш;

умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш;

тиббий кўрикдан ўтказиш.

Дастлабки танлаш тадбирлари қуйидаги икки босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқич фуқаро ёшлар учун – яшаш жойидаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчилари учун – улар жойлашган ҳудуддаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда, ҳарбий хизматчилар учун – ўз хизмат ўташ жойида 1 февралдан 31 мартга қадар амалга оширилади ҳамда ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

якка тартибда суҳбатлашиш;

бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш.

б) иккинчи босқич фуқаро ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда 1 апрелдан 31 майга қадар амалга оширилади ҳамда ушбу босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

индивидуал-психологик ўрганиш;

умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш;

такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш.

Дастлабки танлаш тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.

Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилгандан сўнг тегишли мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан 10 июнга қадар Институтга юборилади.

 

Номзодлар билан ҳарбий-профессионал танлаш

тадбирларини ўтказиш

Қабул комиссияси томонидан ҳар йили 1 июнга қадар ҳарбий- профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари белгиланган
режа-жадвал ишлаб чиқилиб, қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва мудофаа ишлари бўйича бошқармаларга юборилади.

Мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) номзодларни режа-жадвалга мувофиқ ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари билан таништиради ва уларни белгиланган муддатларда Институтга тўлиқ ҳолда етиб келишларини таъминлайди.

Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари июнь ойида Институтда ўтказилади.

Ҳарбий-профессионал танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни ўрганиш;

психофизиологик ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

ёзма иш (диктант);

компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш;

якка тартибдаги якуний суҳбат.

Тест синовлари

Тест синовлари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги
141-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига тингловчи ва курсантларни ўқишга қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.

Институтга қабул қилиш

Институтга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
3 июндаги 141-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Институтнинг қабул комиссияси 10 июлда номзодларни ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқади.

Институтга ўқишга қабул қилинган ҳарбий хизматчилар ва махсус унвонга эга бўлган ходимларга ўз хизмат ўташ жойларига тақдим этиш учун уларнинг ўқишга қабул қилинганлиги бўйича буйруқдан кўчирма берилади.

Тест синовлари натижаси бўйича берилган апелляция шикоятлари Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига тингловчи
ва курсантларни ўқишга қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ кўриб чиқилади.

Мурожаат учун телефон 71.230-32-71

Ишонч телефони: 71. 236-51-08


ЎСМИРЛАРНИ ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ ХАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ВА ДАВЛАТ ХИЗМАТИ УЧУН КАДРЛАР ЗАХИРАСИНИ ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сонли қарори

Темурбеклар мактабларига ўқишга кирувчи номзодлар учун қисқача

МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июнь ПҚ-4375-сон “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.

“Темурбеклар мактаби”да ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади.

Номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги Низом ҳамда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларнинг Устави асосида амалга оширилади.

Номзодларни саралаш тартиби

  1.  “Темурбеклар мактаби”га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади.
  2.  Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат.

Дастлабки танлаш

  1. Дастлабки танлашнинг асосий тадбирлари қуйидагилар ҳисобланади:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-онаси
ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), номзоднинг “Темурбеклар мактаби”га ўқишга киришини танлашига асослар ва сабабларни аниқлаштириш;

умумтаълим фанлари бўйича ўзлаштириши, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

номзодларнинг шахсий-психологик хусусиятларини ўрганиш.

  1.  Номзодлар учун дастлабки танлаш “Темурбеклар мактаби”га ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар ўтказилади.
  2.  Дастлабки танлашда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) мудофаа ишлари бўйича бўлим бошлиғи номига ариза;

б) белгиланган шаклдаги сўровнома;

в) ўқиш ва яшаш жойидан тавсифнома;

г) таълим муассасасига кираётган номзоднинг тиббий хулосалар қайд этилган тиббий дафтарчаси (картаси);

д) намуна асосида ёзилган батафсил таржимаи ҳол;

е) туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт нусхаси, мудофаа ишлари бўлимларида рўйхатда туриши тўғрисидаги маълумотнома нусхаси;

ж) фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан директор томонидан тасдиқланган маълумотнома;

з) психоневрологик, силга қарши ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, наркологик ва одам иммунитети танқислиги синдромига (ОИТС) қарши курашиш марказларидан берилган маълумотнома, лаборатория текширишлари натижалари (қон ва пешобнинг умумий таҳлили, нажасни гельментологик текшируви, қоннинг биокимёвий текширувлари: “В” ва “С” турдаги вирусли гепатит маркерлари, АТЛ, АСТ, билирубин (фракциялари билан), умумий оқсил, тимол синамаси, кўкрак қафаси флюорографияси, электрокардиография текшируви (ЭКГ), қорин бўшлиғи, сийдик ажратиш тизими аъзолари ва қалқонсимон безнинг, ультратовуш текшируви (УТТ), эзофагогастроэдуоденоскопия текшируви (ЭФГДС) хулосалари) бўйича тиббий маълумотномалар;

и) номзоднинг ички ишлар органларида рўйхатга олинмаганлиги ҳолатларини тасдиқловчи маълумотнома;

к) 4 дона 3,5 х 4,5 см ўлчамли ва 6 дона 3 х 4 см ўлчамли рангли фотосуратлар.

  1.  Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан муваффақиятли ўтган “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги номзодлар, шунингдек тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёзга эга бўлган номзодлар қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблигини тасдиқловчи белгиланган намунадаги гувоҳнома;

б) ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари:

ўлим гувоҳномаси ёки ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолганлиги юзасидан тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг буйруғидан кўчирма.

в) етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган номзодлар учун Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси;

г) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолиблигини тасдиқловчи гувоҳнома.

  1. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ёки паспорт, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома, ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари номзодлар томонидан “Темурбеклар мактаби”га келганда қабул комиссиясига шахсан тақдим этилади.
  2. Қуйидагилар “Темурбеклар мактаби”га кириш учун рад жавобини берилишига асос бўлади:

номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги;

номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги;

жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатъий назар содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги;

яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги.

  1. Дастлабки танлаш натижалари бўйича “Темурбеклар мактаби”га ўқишга кириш учун тавсия қилинган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан ҳар йили 1 май кунига қадар мудофаа ишлари бошқармаларига топширилади.

Ҳарбий-касбий танлаш

  1.  Ҳарбий-касбий танлашнинг асосий тадбирлари қуйидагилардан иборат:

тақдим қилинган номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш;

номзодларнинг якуний тиббий текширувдан ўтказиш;

номзоднинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш;

номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш;

номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;

номзод билан якка тартибда якуний суҳбат ўтказиш ва номзодларни тест синовларига қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш.

  1.  Ҳарбий-касбий танлаш номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармаларида ҳар йили 1 майдан 20 июнь кунига қадар ўтказилади.
  2.  Мудофаа ишлари бошқармалари томонидан номзодларнинг расмийлаштирилган шахсий йиғмажилдлари мудофаа ишлари бошқармалари орқали “Темурбеклар мактаби”нинг қабул комиссиясига юборилади.
  3. Тест синовларига рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бошқармалари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
  4.  Шахсий йиғмажилдларини ўрганиш натижаларига кўра тест синовларига рухсат этилган номзодларнинг рўйхатларини мудофаа ишлари бошқармаларигача етказиш учун “Темурбеклар мактаби”нинг қабул комиссияси масъул ҳисобланади.
  5.  Номзодларнинг тест синовларида иштирок этиш учун ўз вақтида “Темурбеклар мактаби”га етиб келиши учун жавобгарлик мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқларига юклатилади.
  6.  “Темурбеклар мактаби”га келиб-кетиш, тест синовларига тайёрланиш ва топшириш даврида жойлашиш ҳамда овқатланиш билан боғлиқ ҳаражатлар номзодларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қопланади.

Тест синовлари

  1.  Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади.
  2.  Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.

  1.  Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.
  2.  “Темурбеклар мактаби”га қабул қилинмаган (саралашдан ўтмаган) номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (ва бошқа ҳужжатлари) далолатнома асосида кейинчалик номзодларнинг яшаш жойи бўйича Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига топшириш учун мудофаа ишлари бошқармаси вакилига берилади.
  3.  Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақтини Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда белгиланади.
  4.  Тест топшириқлари умумий ўрта таълими фанлари (5-9 синфлари кесимида)нинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.
  5.  Тест синовлари натижасидан норози бўлган номзод, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар (васийлар) тест синовлари натижаси эълон қилингандан кейин икки иш куни давомида тест синови ўтказилган “Темурбеклар мактаби”да ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма равишда тест натижалари бўйича апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг шикояти қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ўқишга киришда айрим турдаги номзодларга

бериладиган имтиёзлар

  1. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:

халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари – белгиланган қабул квотаси доирасида;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари – квотадан ташқари;

етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида – квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.

  1.  Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Давлат тест маркази томонидан ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

“Темурбеклар мактаби”га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби

  1.  Номзодларни “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари сафига қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади.
  2.  Имтиёзларга эга бўлган (24-бандда кўрсатилган) номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.
  3.  Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда тест синовлари ўтказилмайди ва номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.
  4.  Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолларда улар орасида биринчи блок фанидан тест натижалари юқори бўлган номзод қабул қилинади, шунда ҳам баҳолар тенг бўлиб қолган тақдирда, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномадаги математика, физика, она-тили ва адабиёт фанларидан олган якуний баҳолари йиғиндиси бошқаларникидан юқори бўлган номзод ўқишга қабул қилинади.
  5. “Темурбеклар мактаби”га ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчи деб аталади.

“Темурбеклар мактаби” битирувчиларига бериладиган имтиёзлар

  1.  “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг
    30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади. 
  2. “Темурбеклар мактаби”ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида “Темурбеклар мактаби” бўлган вазирлик
    ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий таълим муассасаларига тест синовларисиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини мувафаққиятли ўтиш натижасида кириш ҳуқуқи берилади.
  3. “Темурбеклар мактаби”ни тамомлаганлик тўғрисидаги кўкрак нишони берилади. Кўкрак нишони китель кўкрак қисмининг ўнг томонига тақилади.

Мурожаат учун телефон 71.299-85-67

Ишонч телефони: 71. 236-51-90


 

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА