Алишер Навоий 580 ёшда!

Алишер Навоий (1441-1501) улуғ ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби бўлган. Ғарбда чиғатой адабиётининг буюк вакили деб қаралади, шарқда “низоми миллати ва д-дин” (дин ва миллатнинг низоми) унвони билан улуғланади.

Ҳаёт йўли

Асл исми Низомиддин Мир Алишер. У Ҳиротда туғилиб, шу ерда умрининг асосий қисмини ўтказган. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Баҳодир темурийлар хонадонига яқин бўлган.

Шеър завқи ва истеъдоди эрта уйғонган. Болаликдаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёд олган, Шарафиддин Али Яздий назарига тушган, Мавлоно Лутфий ёш шоир истеъдодига юқори баҳо берган, Камол Турбатий эътирофини қозонган.

Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таълим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган.

Навоий 1469 йилгача темурийлар орасидаги ички низолар сабабли Ҳиротдан йироқроқда яшаган. Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469) мансабига, вазирлик (1472) ва Астробод ҳокимлиги (1487)га тайинланади.

1480—1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга “муқарраби ҳазрати султоний” («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни беради.

Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди. Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган.

Ўзбек олимлари О. Шарафиддинов, В.Маҳмуд, Ойбек, Я. Ғуломов, И.Султон. А.Зоҳидов, В.Абдуллаев, А.Қаюмов, С.Ғаниева в.б. Навоийнинг ҳаёт йўли ҳақида асарлар яратишган.

Хамса

Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси “Хамса” асари (1483-85)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ “Хамса” яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди.

“Хамса” таркибига “Ҳайратул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” каби достонлар киради.

“Ҳайратул-аброр”да ҳамд, муножот, наът, ҳайрат бобларидан кейин шоирнинг Яратганга, борлиққа, табиатга, инсонга бўлган фалсафий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий, маърифий, ахлоқий ва эстетик муносабати акс эттирилган.

Подшоҳ билан улуснинг инсонлик нуқтаи назаридан айирмасиз, фарқсизлигини, подшоҳнинг ҳунар, ахлоқ, адл, инсоф, мантиқ, тақво йўлида улусдан ўта олмаганини англатиш билан ўзининг адолатли шоҳ ҳақидаги қарашларини англатади.

“Фарҳод ва Ширин”да қаҳрамонлар севги саргузаштлари орқали инсоннинг тарих ва келажак олдидаги вазифасини белгилайди, инсонлик фақат муҳаббатда эмас, балки ўша шарафли номнинг ҳимояси орқали эканини уқдиради.

Шарқ тарихидаги Хусрав ва Ширин воқеасини бадиий жиҳатдан қайта ишлаб, Фарҳод орқали ўзининг комил инсон ҳақидаги қарашларини ифода қилган.

Навоий достони орқали Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий анъаналари янгиланган бўлса, ундан кейин бу сюжет турк мумтоз адабиётининг ўзак муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин тутди ва бу йўналишда Аҳмад ризвон, Жалилий, Ҳаримий, Бафқий, Урфи Шерозий, Ламиий, Низорий в.б. достонлари яратилди.

“Лайли ва Мажнун” достонида араб эртаклари орқали маълум сюжет ўзининг тугал шаклини топди, унда ишқ фалсафаси бетакрор услубда ифода қилинди.

Кейинроқ яратилажак Фузулий, Андалиб, Сайқалий достонлари учун маънавий замин бўлди. «Хамса» таркибидаги “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий”да шоҳлик билан боғлиқ масалаларни биринчи ўринга олиб чиқди.

Бу достонлар хамсанавислик анъанасида ўзининг ижтимоий-сиёсий характери ва оригиналлиги билан ажралиб туради.

“Хамса”га устоз Абдураҳмон Жомий (1414—1492) юқори баҳо берди. ЎР ФА ШИ қўлёзмалар фондида 15-20 асрларда кўчирилган 166 қўлёзма сақланади. Улардан 84 тасида бешликнинг ҳамма достонлари берилган.

“Хамса” ҳақида хорижий олимлар А.Вамбери, Ж.Малоколин, Ф.Ричард, Л.Вари, Й.Екман, Э.Партеле; рус тадқиқотчилари И.Крачковский, В.Бартолд, Э.Бертелс, Конрад, Б.Жирмунский, А.Якубовский, А.Семёнов; турк олимлари Ф.Кўпрулу, А.С.Левенд, К. Эраслон; озар олимлари Ҳ. Арасли, Г. Алиев; ўзбек олимлари Фитрат, И.Султон, В.Зоҳидов, А.Қаюмов, Т.Жалолов, С.Назруллаева, А.Абдуғафуров, М.Ҳакимов, С.Ҳасанов в.б. ишлари маълум.

ЎзМУда “Хамса”ни тадқиқ этиш борасида Б.Қосимов, Б.Акром, Ҳ.Болтабоев, А.Еркинов, Д.Фармонова тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.

Навоий Девонидан саҳифа Тасаввуфий асарлари Навоийнинг тасаввуфий қарашлари деярли барча асарларининг руҳига сингган бўлса-да, махсус “Лисонут-тайр” достони(1499)да, “Насойимул-муҳаббат” манқабаси”(1495-96)да, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”(1485-8), “Арбаин”, “Муножот” сингари асарларида акс этган. «Лисонут-тайр»да борлиқ ва илоҳиёт ҳақаидаги қарашларини, инсон, табиат ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини қушлар тили ва саргузаштлари орқали баён қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Навоий асарларини диний ва сўфийлик жиҳатидан ўрганиш кенгайди, улар об’ектив ва илмий баҳосини олмоқда.

“Арбаин”, “Муножот” каби асарлари чоп этилди. Жомийнинг “Нафаҳотул-унс мин ҳазаротил-қудс» тазкирасини таржима қилиб ва тўлдириб, сўз юритилган 618та шайхлар сонини 770 тага етказди.

Насрий асарлари

Навоий меросининг салмоқли қисми насрий асарлардан иборат. Улар ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ва илмий-фалсафий йўналишдадир.

“Маҳбубул-қулуб”(1500-01) Навоийнинг сўнгги йирик асари бўлиб, унда улуғ мутафаккир адибнинг ҳаёти давомидаги кузатишлари, тўплаган бой тажрибаси ўз юқори даражасида аксини топган.

Уч қисмдан иборат бу асарда “Сориун-носнинг аф'ол ва аҳволининг кайфияти” (1), ахлоқий муаммолар (2), «мутафарриқа фавойид ва амсол сурати” (3) масалалари ифодаланган.

“Хамсатул-мутаҳаййирин”(“Беш ҳайрат”,1494) асарида устози ва дўсти Абдураҳмон Жомий, унинг ҳаёти лавҳалари, тариқати, ёзишмалари, асарлари ҳақида ҳайратомуз ҳикоялар келтирилади.

“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” (1488-89), “Ҳолоти Раҳлавон Муҳаммад”(1493) асарлари маноқиб-ҳолот йўналишида бўлиб, уларда шоирга устозлик қилган буюк шахслар ҳаёти, фаолияти ёритилган.

“Муншаот” (1498-99) Навоийнинг мактублари тўплами (жами 88 та хат) бўлиб, улар соғинчлик хатлари, наврўз табриклари, таъзияномалар, сиёсий ўгитлар, сулҳномалар ва бошқа йўналишлардадир. Улар Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон ва бошқа тарихий шахсларга битилган.

Илмий-филологик мероси

“Мажолисун-нафоис” (1490-91; 1497-98) тазкираси турк тилидаги ёзилган дастлабки тазкира бўлиб, унда шоир саккиз мажлис доирасида 459 шоир ва адиб ҳақида маълумот берган.

Биринчи ва иккинчи мажлисда тазкира тартиб берилганда ҳаёт бўлмаган шоирлар, учинчи мажлисда шоирнинг замондошлари, тўртинчи мажлисда бешинчи мажлисда Хуросон, олтинчисида Моварауннаҳр, Кичик Осиё ва Эрон, еттинчи ва саккизинчи мажлисларда темурийлар сулоласига мансуб ижодкор шоҳ ва шаҳзодалар ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Асар Фаҳрий Ҳиротий(1521-22), Муҳаммад Қазвиний(1522-23), Шоҳ Али Абдулали (1598) томонидан уч марта форс тилига таржима қилинган.

Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарини ўз замонидаги туркий лаҳжалар, зиёлилар нутқи, бадиий ва илмий асарларнинг лексик-грамматик хусусиятларини форсий тил хусуситлари билан қиёслашга бағишлади.

Жонли халқ тилида қўлланилган кўплаб сўзларни асарга киритиб, адабий тилда қўлланилишига сабабчи бўлди. Ўзигача ишлатилган сўзларни янги маъно қатламларини очди.

Ўзбек тили грамматикасини Маҳмуд Кошғарийдан сўнг илмий асосга солди. Ўзбек тилининг бадиий ва эстетик имкониятлари кенгайишига сабабчи бўлди. Форс ва турк тилларида яратилган энг йирик ва эътиборли асарларга мурожаат қилди, шоир ва олимларни тил истиқлоли учун курашга чорлади.

Аруз назариясига бағишланган “Мезонул-авзон”(1492) асарида араб ва форс арузи қоидаларини туркий тилда аниқ ва равон тушунтирди.

Турк ёзма ва оғзаки шеърияти намуналарининг вазн хусусиятларини ўрганди. Туркий аруз табиатини ёритиш билан бирга турк шеърияти мураккаб аруз тизимини бойитганини англатди. Баҳрлар ва доиралар ҳақидаги тасаввурни кенгайтирди.

Тўққизта янги вазн ва шеърий шаклни аниқлади. Турклик тарихида илк бор миллий вазн ҳақидаги қарашларни илгари сурди. Навоийнинг илмий-филологик меросини мунтазам тадқиқ қилиш 20 асрнинг 20-йилларидан йўлга қўйилди. Бу йўналишда Фитрат, Ойбек, А.Саъдий, О.Шарафиддинов, А.Ҳайитметов, И.Султон, Ҳ.Қудратуллаев каби адабиёцҳунос ва А.К.Боровков, О.Усмонов, А.Рустамов каби тилшунос олимларнинг ишлари эътиборли.

Тарих ва иқтисодга оид асарлари

Навоийнинг портрети. Портрет Қирғизистоннинг Исфана шаҳридаги Алишер Навоий ўрта мактабининг асосий залида узоқ йиллар давомида турган.

Портрет 2012-йил маҳаллий қирғиз расмийларининг тазйиқи остида асосий залдан олиб ташланган. Маҳаллий расмийлар мактаб номини алмаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

“Тарихи мулуки Ажам” (“Ажам шоҳлари тарихи”,1488) қисқа тарих бўлиб, Эрон шоҳлари хроникаси баён қилинган “Тарихи Табарий”, “Шоҳнома” асарларини мантиқан тўлдиради, улардаги фактларни изчил илмий тизимга солади.

Афсонавий шоҳ Каюмарсдан сосонийларнинг сўнгги вакили Язди Шаҳриёргача бўлган шоҳлар тарихини, мифологик талқинини беради.

“Тарихи анбиё ва ҳукамо” (“Пайғамбарлар ва ҳакимлар тарихи”, 1485—1498) асарининг биринчи бўлимида “Қиссасул-анбиё”лар анъаналарини давом эттириб, Одам алайҳис-саломдан Нуҳ, Исо, Мусо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд каби пайғамбарлар тарихига оид қиссалар келтиради.

Навоий Луқмони ҳакимга ҳам анбиёлар қаторидан жой беради. Асарнинг “Ҳукамо зикрида” деб номланган иккинчи бўлимида инсоният тарихида чуқур из қолдирган донишманд ҳакимлар Фишоғурс, Жомосп, Буқрот, Суқрот, Афлотун, Арасту, Болинос, Жолинус, Батлимус, Бузургмеҳр ҳақида ибратли ҳикоялар келтиради, уларнинг донишмандлиги, илмий кашфиётлари сири қисқа сатрларда талқин қилинади.

“Вақфия” (1481) асарида вақф ерлари, мулклари, уларнинг миқдори, улардан фойдаланиш, вақф мулки ва маблағи эвазига қуриладиган бино ва иншоотлар, бу йўналишда мадраса ва хонақоҳларда ўрнатилган тартиблар ҳақида фикр юритди.

Навоий ўз ихтиёридаги маблағлар ҳисобига қурилган хайрия муассасалари, илмий-маданий бинолар ва боғларни санаб ўтди.

Асар Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларини ўрганиш учун ҳам муҳим ҳужжатли манбадир. Тарих ва иқтисодий йўналишдаги асарлари Н.Веселовский, Якубовский, Я.Ғуломов, В.Зоҳидов, Б.Аҳмедов каби олимлар томонидан ўрганилган.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА