
Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси
МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА
Миллий гвардия жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолини турли хил террорчилик таҳдидларидан, жиноий ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилишга,ўта муҳим тоифаланган давлат ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 январдаги 29-сон Қарори билан давлат суверенитети, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яxлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 3408-сон ҳарбий қисми негизида Миллий гвардия бригадаси ташкил этилиб, мамлакат Мудофаа ишлари вазирлиги тасарруфига берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 10 сентябр кунидаги ПФ-245-сон Фармонида кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири айни вақтда Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 0 январдаги ПФ-318-сонли Фармонига асосан СССР Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган қўшилмалари, алоҳида қисмлари ва бўлинмалари Ўзбекистон Республикасининг юрисдикциясига олинган ва республика Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Улар негизида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари қўшилмаси ташкил этилди. Шунга асосан 1992 йил 10 январь Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинлар ташкил топган кун ҳисобланади.
Мазкур Фармонга асосан СССР Ички ишлар вазирлиги ички қўшинларининг Тошкентдаги олий ҳарбий-техника билим юрти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қарамоғига ўтказилган.
1992 йил 1 февралда 88-соқчи дивизияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинлар бошқармасига айлантирилди.
1995 йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрлиғига асосан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси 1-бригадасига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири томонидан тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ҳарбий қисмнинг ҳарбий шараф, матонат ва шон-шуҳратнинг рамзи бўлган “Жанговар байроқ” топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 20 июлдаги 354-82, 354-83-сонли “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички қўшинлар фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ги Қарорига асосан Ички Қўшинлар бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинлар бош бошқармасига айлантирилди.
1999 йил Ички қўшинларни ислоҳ қилиш йили бўлди, унда барча бирлашма ва қисмлар шахсий таркибининг жанговор-хизмат фаолияти такомиллаштирилди. Мазкур ислоҳотлар уч босқичда олиб борилди.
Биринчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 6 апрелдаги № 158-37-сонли Қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички қўшинлар Бошқармаси базасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош Бошқармаси ва Қоровул қўшинлари ташкил топди. Илгариги тезкор милиция қисмлари ва бирлашмалари базасида Махсус вазифаларни бажарувчи бригада ташкил этилди. Конвой қўшилмалари, қисмлар ва бўлинмалар Ички қўшинлар таркибидан чиқарилди.
Иккинчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил апрель ойидаги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички қўшинлар Махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмаси махсус жанговор отрядга айлантирилди.
Учинчи босқич Ички қўшинлар тарихидаги ҳал қилувчи босқич бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил июль ойидаги қарори ижроси бўйича Ички қўшинлар таркибидаги Махсус вазифаларни бажарувчи жанговор бригада базасида Тезкор ҳаракатланувчи махсус Корпус (ТҲМК) ташкил этилди. Ушбу Корпус Қарши, Жиззах, Фарғона махсус бригадалари, шунингдек, Тошкент, Нукус, Урганч алоҳида махсус жанговор батальонлари таркибидан иборат бўлди.
Ички Қўшинлар таркибида 6-алоҳида қўриқлаш бригадаси Мудофаа Вазирлигига берилди. Бундан ташқари, бу бригада базасидан ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинлар алоҳида аҳамиятли объектларни қўриқлаш бўйича бригада таркибидан 2 бригада тузилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ички қўшинлар бош бошқармасида ўта муҳим объектларни қўриқлаш бўйича Бошқарма ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 4 ноябрдаги № 489-114-сонли Қарорига мувофиқ Ички қўшинлар Фарғона вилоятининг Бўстон, Водил ва Палман аҳоли яшаш пунктлари ҳисобига қўшимча учта алоҳида тезкор вазифани бажарувчи отрядлардан таркиб топди.
1999-2005 йилларда Ички ишлар вазирлиги Ички Қўшинлар таркибида Тезкор ҳаракатланувчи махсус Корпус фаолият юритди.
2005 йилдан 2016 йил май ойигача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги таркибида 54178-ҳарбий қисм негизида Терроризмга қарши кураш олиб бориш Корпуси фаолият олиб борди.
2016 йил майдан 2017 йил апрелгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги таркибида 54178-ҳарбий қисм негизида ички вазифалар қўшинлари фаолият юритди.
2017 йил апрелдан – 2017 йил августгача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида 7320-ҳарбий қисм негизида Ички вазифаларни бажариш Корпуси фаолият олиб борди.
2017 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яxлитлиги ва давлат суверенитетини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида 68461-ҳарбий қисм негизида (Тезкор ҳаракатланувчи махсус Корпус асосида) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 августдаги Фармонига асосан, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тасарруфига ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти деб номланди.
2018 йил февралда Тезкор ҳаракатланувчи махсус Корпус тугатилди. Унинг таркибий бўлинмалари Миллий гвардия таркибида қолди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси мамлакатимиз Қуролли Кучлари таркибидаги махсус қўшин тури ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- шаҳарлар ва аҳоли пунктларида жамоат тартиби ва хавфсизликнинг сақланишини таъминлашда кўмаклашиш;
- давлат аҳамиятига эга объектлар, ҳаётий муҳим объектлар, хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
- терроризм ва экстремизм ҳаракатларининг олдини олишда иштирок этиш;
- мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва мудофаасини таъминлашда иштирок этиш;
- табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш;
- хорижий давлатларнинг расмий вакилларини кутиб олиш ва кузатишда юксак даражадаги маросим тадбирларини таъминлаш.
2019 йил январь ойида Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, мамлакат Миллий гвардияси таркибига ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қуйидаги хизмат турлари орқали ишончли қўриқланишини таъминлайди:
- техник қўриқлаш марказлари иштирокида;
- саф бўлинмалари ёрдамида;
- ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари орқали;
- қоровул бўлинмалари иштирокида;
- ташвиш тугмалари ёрдамида;
- кўп қаватли уйлардаги хонадонларни ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари орқали қўриқлаш;
- кириб-чиқиш назорати ва бошқарув қурилмалари билан ишлаш;
- кабелли коллекторлар ва магистраллар қурилмаларини қўриқлаш;
- узоқ масофалардан аниқлайдиган қурилмалар ёрдамида объектларни қўриқлаш;
- телефон алоқаси мавжуд бўлмаган жойларда GSM уяли алоқа каналлари орқали қўриқлашни амалга оширади.
Ҳозирги кунда Миллий гвардия бўлинмаларини замонавий қурол-яроғ турлари ва бронетехника билан жиҳозлаш жараёни жадал давом этмоқда, шахсий таркибни махсус ҳарбий тайёрлаш жараёни такомиллашмоқда. Шу билан бирга мамлакатнинг миллий манфаатларига қарши ҳаракатлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг барвақт олдини олувчи тизимни шакллантириш учун мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш борасидаги ишлар йўлга қўйилган.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҚЎМОНДОНЛАРИ:
2017-2020 й.й. – генерал-полковник Ташматов Б.Х.
2020 йилдан – генерал-майор Джураев Р.М.
Сайт ҳақида фикрингиз
Натижаларни кўрсатишЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ РАСМИЙ ВЕБ-САЙТИ
Веб-сайтга ўтингЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАСИ
Веб-сайтга ўтингЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ МАЪЛУМОТЛАРИ МИЛЛИЙ БАЗАСИ
Веб-сайтга ўтингЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ
Веб-сайтга ўтингЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТ ПОРТАЛИ
Веб-сайтга ўтингЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР ПОРТАЛИ
Веб-сайтга ўтингЎзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси
МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА